Бу одамларнинг амаллари кишини лол қолдиради ва ҳурмат туйғусини уйғотади. Ҳаётда жуда кўп нарсаларга эришган бу бадавлат инсонлар бойлик қулига айланиб қолмасдан, уларни осонликча муҳтожлар билан бўлишди.
Ана шундай барча пулларини тарқатганлигига қарамасдан, бадавлатлигича қолган кишилар билан танишинг.
Олаф Тон – норвегиялик миллиардер.
Олаф Тон ўзининг бутун бойлиги (тахминан 6 миллиард доллар)ни тиббиёт соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштириш учун сарфлашга қарор қилди. У ҳаёти давомида жамғарган пулларини фойдали ишга сарфлашни маъқул топди. «Барибир уларни ўзим билан олиб кета олмайман», — дейди у.
Чак Фини – Duty Free асосчиси.
Фини ўзининг пулларини кўплаб ташкилот ва муассасаларга яширин тарзда эҳсон қилган. Уларни олаётганларнинг кўпчилиги мурувват кўрсатувчининг кимлигини билмаган. Унга қарашли The Atlantic Philanthropies фонди томонидан эҳсон қилинган маблағнинг жами миқдори 6,2 миллиард долларни ташкил этади.
Владислав Тетюхин – йирик металлургия компаниясининг собиқ эгаларидан бири.
Свердловсклик олигарх 80 ёшида пулларини иссиқ ўлкалардан ўзига вилла сотиб олиш учун сарфламади. У ўзининг барча акцияларини сотиш эвазига тўпланган 3,3 миллиард рублга тиббиёт марказини қурди. Келажакда миллиардер клиника ходимлари учун меҳмонхона ва янги уйлар, талабалар учун ётоқхона, транспорт блоки ва вертолёт майдончасини қуриш ниятида.
Браин Берни – кадрлар танлаш ва қурилиш соҳасидаги собиқ тадбиркор.
Бу миллионернинг хонадонида юз берган нохуш ҳодиса унинг бундан кейинги ҳаракатларига ўз таъсирини ўтказди. Унинг хотинида шифокорлар саратон хасталигини қайд этди. Шундан сўнг у бойлигининг асосий қисмини тиббий машиналар колоннасини яратишга сарфлади. Бу машиналар Шимолий Англиядаги кичик қишлоқлар бўйлаб юриб, беморларга юқори даражада тиббий ёрдам кўрсатди. Йиллар давомида хасталик билан курашган унинг хотини эса соғайиб кетди.
Шаҳзода ал-Волид – Саудия Арабистони қироллик оиласи аъзоси.
Яқинда шаҳзода бутун давлатини эҳсон қилишини маълум қилди. У биринчи навбатда аёллар ҳуқуқи учун курашувчи ташкилотларга ёрдам бериш, даволаш қийин бўлган хасталикларни ўрганишни молиялаштириш, табиий офатлардан жабрланганларга ёрдам қўлини чўзишга қарор қилди.
Тим Кук – Apple компаниясининг бош директори.
Унинг бойлиги 800 миллион долларга баҳоланмоқда. 54 ёшли тадбиркор ўзининг барча бойлигини хайр-эҳсон йўлида сарфлашга қарор қилди.
Манба: Sof.uz