Биласизми?

Божхона институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриат ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади Kun.uz.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Институтга ўқишга қабул қилиш танлови, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

дастлабки танлов;

махсус касбий танлов;

тест синовлари.

Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.

Дастлабки танлов — Институтга ўқишга киришга қарор қилган номзодга тегишли маълумотларни, унинг таълим муассасасидаги ўзлаштириши даражасини, индивидуал-психологик хусусиятларини, жисмоний тайёргарлиги ва соғлиғи ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ўрганиш ҳамда унинг келгусида божхона органларида хизмат қилиши учун мойиллигини аниқлашдан иборат.

Махсус касбий танлов – номзодларнинг божхона органларида хизматни ўташи учун уларнинг соғлиги ва психофизиологик хусусиятларининг мос келиши, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билими, ёзма саводхонлиги ҳамда интеллектуал салоҳиятини аниқлашдан иборат.

Тест синовлари – номзодларга танлаган мутахассисликлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб юритилади) томонидан ўтказиладиган тест синовлари.

Институтда тасдиқланган Давлат таълим стандартлари асосида “Божхона иши” ва “Юриспруденция” (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Институтга ўқишга кирувчи номзодлар учун:

“Божхона иши” таълим йўналиши бўйича математика (информатика ва ахборот технологиялари фани билан биргаликда) (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл), чет тили (ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл), она тили ва адабиёт (ҳар бир тўғри жавоб учун 1,1 балл) фанларидан;

“Юриспруденция” (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) таълим йўналиши бўйича тарих (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл), чет тили (ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл), она тили ва адабиёт (ҳар бир тўғри жавоб учун 1,1 балл) фанларидан тест синовлари ўтказилади.

Институтга:

умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом талабларига жавоб берадиган;

ҳарбий хизматни ўтамаган ўн етти ёшдан кичик (қабул йилида ўн етти ёшга тўладиганлар) ва йигирма бир ёшдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма бир ёшда бўлган;

ҳарбий офицерлар таркиби унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий хизматни ўтаган ўн саккиз ёшдан кичик ва йигирма беш ёшдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма беш ёшда бўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида қабул қилинадилар.

Номзодларнинг бўйи 165 см.дан (қиз болалар учун 160 см) паст бўлмаслиги лозим.

Институтга ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) 1 январдан 1 апрелга қадар қабул қилинади.

Институтга ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар томонидан ҳудудий божхона бошқармаси ишчи гуруҳига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза (билдирги);

паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси. Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилия, исм, ота исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси нусхаси;

яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномаси, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси

ва ногиронлик гувоҳномаси нусхалари;

Институтга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари (асли ва нусхаси);

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета -сўровнома;

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) тавсифнома;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар (умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар) (асли ва нусхаси);

чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг нусхаси, аслини кўрсатган ҳолда (агар мавжуд бўлса);

ота-онасининг Институтга ўқишга киришига розилик хати.

Номзоднинг айрим ҳужжатларига аниқлик киритиш мақсадида қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.

Номзодлар томонидан ҳужжатлар тақдим этишда паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилия, исм, ота исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси, яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномаси, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси ва ногиронлик гувоҳномаси, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд чақирилувчининг ҳарбий гувоҳномаси ҳамда меҳнат дафтарчаси (агар мавжуд бўлса) шахсан кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, магистратурага иқтисодиёт ва юриспруденция (шу жумладан божхона ҳуқуқи таълим йўналишлари) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга божхона органларида камида 3 йил хизматни ўтаган, божхона органлари ходимлари танлов асосида қабул қилинадилар.

Институт магистратурасига танлаш ва ўқишга қабул қилиш тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида икки босқичда ташкил этилади:

дастлабки танлов;

касбий танлов.

Дастлабки танлов ҳар йили 1 майдан 30 июнгача бўлган вақт оралиғида қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология марказида (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) ҳар ўқув йили учун магистратура таълим йўналишида ўқиш истагини билдирган номзодлар рўйхати тузилади;

номзодларнинг хизмат фаолиятлари ўрганиб чиқилиб, уларнинг магистратурада ўқишга лаёқатлилиги, шунингдек соҳа бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга қобилияти ҳудудий бошқармаларнинг Аттестация комиссияларида кўриб чиқилади. Комиссия томонидан номзод магистратурада ўқишга муносиб деб топилганда, унинг тегишли ҳужжатлари Институтга тақдим этилади.

Номзодлар бўйича қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

билдирги (мутахассислик йўналиши кўрсатилган ҳолда);

ҳудудий бошқарма бошлиғининг номзодга берган тавсифномаси;

ходимнинг маълумотнома-сўровномаси;

паспорт нусхаси;

Институтга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (асли ва нусхаси);

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

олий маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси (асл нусҳаси).

Номзодларнинг тегишли ҳужжатлари қабул йилининг 5 июль кунига қадар Институт қабул комиссиясига юборилади.

Касбий танловнинг асосий мақсади номзодларнинг интеллектуал салоҳияти, божхона соҳасидаги амалий кўникмаларини ҳамда чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини холисона баҳолашдан иборатдир.

Касбий танлов ҳар йили 10 июлдан 25 июлгача бўлган вақт оралиғида қуйидаги шаклда олиб борилади:

мутахассислик фанлари бўйича ёзма имтиҳон (камида 2 та фандан);

чет тилидан имтиҳон (ёзма ва оғзаки).

Ёзма имтиҳон мутахассислик фанлари ва чет тили фани бўйича ўтказилади.

Ёзма имтиҳон:

профессионал билим ва кўникмалар, мутахассислик фанлари бўйича таҳлил, иқтисодий ва ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда божхонага оид муаммолар бўйича хулосаларни баён этиш борасида қобилиятларни аниқлашга йўналтирилган;

чет тили фани бўйича чет тилларини билишнинг тегишли даражасини аниқлашга қаратилган.