Жаҳондаги улкан компаниялардан бири бўлган Microsoft асосчиси 28 апрел куни 3 миллиондан зиёд халқаро компаниялардаги касбий ривожланиш, бўш иш ўринлари ва сўнгги янгиликларни ёритувчи LinkedIn компаниясининг интернет саҳифасининг бош муҳаррири Даниел Рот билан суҳбатда бўлди. Унда жаноб Гейтс келажакда ишда юксалиш учун ҳар кимга керак бўладиган 3 жиҳатни маълум қилди.
«Меҳнат бозорига кириб келаётган ва юксалиш истагида бўлган ҳар бир ёш мутахассисдан ўз йўналишида илм-фанни чуқур ўзлаштириши, муҳандислик-дастурлаш қобилияти ҳамда иқтисодий кўникмага эга бўлиши талаб қилинади. Ана шунда улар иш танлашда катта имкониятларга эга бўладилар», дейди Билл Гейтс.
Миллиардернинг фикрича, жамиятнинг ривожланиши айнан шу жиҳатларга эга мутахассисларга боғлиқ.
«Мисол учун, келажакда сиздан фақатгина моҳир дастурчи бўлиш эмас, балки бу дастурчилик маҳоратини турмуш тарзи ёки тараққиётнинг қайси йўналишларига сарф қилишни англаш, буни амалга ошириш йўлларини билиш кўпроқ талаб этилади.»
Билл Гейтс — сайёрамизнинг энг бой кишиси, ўз меҳнати ва билими эвазига давлат орттирган ахборот технологиялари соҳаси вакили. Унинг юқоридаги шахсий хулосалари сармоядорлар ва саноат вакиллари билан яқиндан ишлаш, кўп минг сонли компанияни бошқариш ва мунтазам китоблар ўқиш, инсонлар турмуш тарзини юксалтириш билан боғлиқ ишлари ва тажрибаларининг ҳосилидир.