Ўзбекистон ҳукумати армияда хизмат қилиб қайтган абитуриентларга имтиёз тақдим этиш тизимига ўзгартишлар киритишни режалаштирмоқда. Балларга устамаларни умумий танлов доирасидан ташқарида ўтказиш кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов хабар қилди.
Бугун Ўзбекистон Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм тавсияномасига эга абитуриентлар ОТМларга киришда тўплаган балининг 50 фоизи миқдорида устамани қўлга киритади. Бош вазир ўринбосари сўзларига кўра, бу қизлар ҳуқуқининг бузилишига олиб келади.
«Мен 100 фоиз қўшиламан. Ҳарбийларга умумий танлов доирасида эмас, балки махсус квота бўйича имтиёзлар тақдим этилиши керак. Балларга устамалар қўйилиши борасида кўплаб саволлар мавжуд. бу ерда қизлар ҳуқуқларининг маълум маънода бузилиши ҳам вужудга келади. Бу масала қайта кўриб чиқилиши ва тизим ўзгариши керак. Бу адолатсиз ва ношаффоф», — деди у.
Азиз Абдуҳакимовнинг фикрича, имтиёзли баллар муайян мутахассисликлар бўйича бошқа абитуриентлар ҳуқуқларини ҳам бузишга олиб келмоқда. «Бу йил юридик мутахассислар бўйича асосий ўринларни собиқ ҳарбий хизматчилар қўшимча баллар эвазига эгаллади», — деди бош вазир ўринбосари.
Бош вазир ўринбосари хизмат вақтида вафот этган, жароҳатланган, ногирон бўлган ёки контузия ёхуд шикастланиш сабабли касалликка чалинган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шунингдек кам таъминланган, кўп болали ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи оилалар фарзандларига имтиёзлар берилишини тўғри деб ҳисоблайди.
«Бу ерда қўшимча квота бўлиши керак, асосий эмас. Ҳозир биз қарор тайёрлаяпмиз ва келгуси йили ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини кутаяпмиз», — деди таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари бўйича ҳукумат комплекси раҳбари.