Айтишларича ҳаётимизнинг ⅓ қисмини уйқуда ўтказар эканмиз. Уйқу ҳолати эса саломатлигимизни яхшилаши мумкинлигини биласизми? Ҳа, бу айни ҳақиқат! Тунда қай ҳолда ухлашингиз кейинги кунги кайфиятингиз ва жисмоний ҳолатингизга бевосита ўз таъсирини ўтказади. Агар нотўғри ҳолатда ухласангиз, бекордан-бекорга ўзингизни қийнаганингиз қолади. Бу мақолада уйқу ҳолатининг соғлигингизга таъсири борасида тўхталиб ўтамиз.
Чалқанча ётиш йога билан шуғулланишдек гап
Йогадаги Савасана гавда ҳолати ҳақида эшитганмисиз? Бу ҳолатнинг туб моҳияти шундаки, одам чалқанча текис ҳолда ётганда ўзини жуда қулай ҳис қилади. Йога экспертлари Савасана гавда ҳолатини яхшилаши, бош оғриғини камайтириши, ички қувватни ошириб, уйқусизликни даволашини таъкидлайдилар.
Қачонки сиз ўзингизни шу ҳолатда ухлашга ўргата олсангиз, бу соғлигингизга юқорида санаб ўтилган фойдаларни бера бошлайди. Тўғри танланган матрас бел ва бўйин соҳаларини кучли ва чидамли қилади. Матраснинг энг асосий вазифаси Савасана ҳолатини яратиб беришдан иборат, яъни сиз ухлаётганингизда у танангизни тўғри шаклланишига кўмак беради.
Қоринда ётиш бўйнингизга зарар етказади
Кўпчилик ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳафтада бир неча марта қоринда ухлашга одатланиб қолган. Бу ҳолат сизнинг турли органларингиз, айқниқса бўйнингизга зиён келтиради. Узоқ вақт бу ҳолатда ётиш танангизнинг олд қисмига ҳаддан зиёд босим тушишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, бу ҳолатда бўйнингизни нотўғри йўналишда эгишингиз оқибатида бўйин соҳангиздаги сезувчанлик йўқолиши мумкин.
Мазкур ҳолатда ухлашнинг зарарлари шу билан тугамайди. Ўпкага тушган ўғир босим туфайли нафас олиш фаолияти қийинлашади. Агар тасодифан ўпкангизга жароҳат етказиб қўйсангиз, бир кеча ёмон ётишни деб бир неча ҳафта азоб чекиб юришингиз мумкин. Бу ҳолат сизга қанчалик қулай ва табиий туйилмасин, ундан бутунлай воз кечишингизни мутахассислар тавсия этишади.
Чап томонга ёнбошлаб ухлаш юрак учун фойдали
Чап томонда ухлаш қон айланиши ва юрак фаолиятини яхшилайди, шу билан бирга жигарга босим тушишини олдини олади. Бу уйқу ҳолати шунчалик фойдалики, шифокорлар ҳомиладор аёлларга ҳам айнан шу ҳолатда ухлашни маслаҳат беришади, чунки бу ҳомиланинг тўғри ривожланишида энг қулай уйқу ҳолати ҳисобланади. Қолаверса, чап томонингизда ухлаганингизда, танангизда лимфа тугунлари орқали токсинларни ва чиқиндиларни тозалаш учун кўпроқ вақт бўлади.
Ўнг тарафда ухлаш жиғилдон қайнашини кучайтиради
Чап тарафда ухлашингиз учун яна бир сабаб. Кўп одамлар ухлаётган пайтда уйқу ҳолатини бир неча мрта ўзгартиришади ва албатта бу ҳам соғлик учун фойдали. Агар сиз жиғилдон қайнашидан қийналсангиз, чап тарафда ухлашингиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ундан ташқари, ўнг томонда ухлаш уйқусизлик ва ошқозон безовталиги хавфини ҳам оширади.
Шу пайтгача сиз балки қай ҳолатда ухлашингизга унчалик кўп эътибор бермагандирсиз. Бироқ энди бу соғлигингиз учун қай даражада аҳамиятли эканлиги ва ҳар сафар уйқуга кетишдан олдин уйқу ҳолатини режалаштириб олишингиз кераклиги ҳақида билиб олдингиз. Буларнинг ҳаммаси матрасни тўғри танлашдан бошлангани маъқул.
Хориж матбуоти асосида Исломжон Абдумуҳторов тайёрлади