Ҳозирги ёшлар негадир қуюқ ва калта қилиб соқол қўйишнинг пайига тушиб қолишган. Соқолни қиртишлаб, юздан нур таратиб туришга нима етсин. Қуюқ соқолни кимдир эркаклик рамзи деб ҳам қабул қилади. Ким учундир у ортиқча даҳмаза.
Таҳририятга ўқувчиларимиздан бири қандай қилиб юздаги соқолни қуюқ қилиб ўстириш мумкинлиги ҳақида савол юборган экан. Ҳозир шу эксперт ва мутахассислар фикрига асосланиб тавсиялар берамиз.
Сийрак соқол муаммоси кўпинча ирсиятга боғлиқ. Сийрак соқолнинг бошқа сабаблари тестерон етишмовчилиги, носоғлом турмуш тарзи, терининг соғлом бўлмаслиги бўлиши мумкин.
Гарчи ирсиятни ўзгартириб бўлмаса ҳам, турмуш тарзини ўзгартириш, соғлом овқатланиш ва бошқа қуйидаги тавсиялар ёрдамида бу мақсадга эришиш мумкин.
Тўйиб ухлаш юз терисининг ҳам ривожига ижобий таъсир қилади. Айни ўсмирлик ёшида камида 6-8 соат ухлаш керак. Бундай уйқу режимида тери тўқималари ўз вақтида ривожланиб, соқол ва мўйлаб тез ривожланади.
A, B, C, E витаминларига бой бўлган маҳсулот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилинг. Улар соч ва соқолнинг ўсиши учун фойдали.
Спорт билан шуғулланинг. Жисмоний фаоллик ҳам сийрак соқолни бартараф этишнинг самарали усули.
Юзни ҳар доим тоза тутинг. Тоза терида тук тез ва осон унади. Ҳар куни тонгда ва кечки маҳал юзни илиқ сувда ювинг.
Сигарета чексангиз, бундан воз кечинг. Никотин ва сигарета таркибидаги 4800 та кимёвий модда тери таркибини заҳарлаб, соқолнинг сийраклашувига олиб келади.
Кўпчилик гўзаллик ва саломатлик соҳаси экспертлари томонидан қайд этилишича, хотиржам ва хурсанд кайфиятдаги инсонларда соқол тезроқ ўсар экан. Ўзингизни тушкунлик кайфиятидан ҳимоя қилинг.
Таомномангизда гўшт, балиқ, тухум, ёнғоқ каби оқсилга бой маҳсулотлар улушини оширинг.
Косметолог билан маслаҳатлашиб, юзингизда мавжуд ўлик тери тўқималарини ҳар ҳафта бир маротаба тозалаб туринг.
Юздаги қон томирларининг ривожланмаслиги ҳам соқолнинг қуюқ бўлиб ўсишига тўсқинлик қилади. Юзга массаж олиш қон айланишини ҳам яхшилайди ва соқолнинг қуюқ ўсишини таъминлайди.
Юмшоқ ва нам юзда соқол тезроқ ўсади. Шунинг учун юзга мўлжалланган махсус крем воситаларидан фойдаланинг.
Юзда ўсмай қолган соқоллар ҳам бўлади ва улар бошқаларининг ўсишига халақит қилади. Мутахассис билан маслаҳатлашиб, юзни улардан тозалаб ташланг.
Таомномада B1, B6 ва B12 витаминларига бой сабзавот маҳсулотларини қўшинг.
Мутахассислар кўпроқ сув ичишни ҳам маслаҳат беришади.
Дорихоналардан тери ва соч-соқол учун фойдали бўлган турли ёғларни сўраб кўринг. Ушбу ёғ билан юзингизни массаж қилинг ва 15-20 дақиқадан сўнг совуқ сув билан ювиб ташланг.
Соқолни қиртишлагандан кейин ҳам ушбу ёғлардан суришга одатланинг.
Имкон борича семиртирадиган фаст-фуд овқатларни ҳамда ширинликларни ейишдан тийилинг.
Мўйлаб ва соқол эндигина сабза урганида уларни қиртишламанг. Акс ҳолда, уларнинг томирига жиддий шикаст етади. Бундай вазиятда тук тўкувчи гидрокортизон кремидан фойдаланган маъқул.
Шу билан бирга, фолий кислотасига бой бўлган дон-дун, кўкат ва сабзавотлар, нўхатдан кўпроқ истеъмол қилинг.
Биотин моддасига бой бўлган жигар, ловия, сабзи, банан, тухум сариғи, меваларни ҳам кўпроқ истеъмол қилинг.
Тестерон етишмовчилиги ҳам соқолнинг сийрак ўсишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, магний, D витамини ҳам бу вазиятда фойдали бўлади.
D витаминига тухум ва балиқ маҳсулотлари бой бўлади. Рух моддасига бой гўшт, броколли, исмалоқ истеъмол қилинг. Бодом ва ёнғоқ, шунингдек суякли қайнатма ҳам магний витаминига бой бўлади.
Полиз экинларидан қовоқни кўпроқ истеъмол қилинг.
Бироқ, унутманг қуюқ соқол бир тунда ўсиб-унмайди. Бунинг учун сабрли ва эътиборли бўлиш тавсия этилади. Агар шунда ҳам бу усуллар сизга ёрдам бермаса, унда буни эсдан чиқаринг. Боиси эркакнинг мардлиги унинг соқоли эмас, феъл-атвори билан ўлчанади.
Доимо соғ-саломат бўлинг!