Биласизми?

Рамазон ойини муносиб нишонлаш тўғрисида президент қарори қабул қилинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжат эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасидаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда маҳаллий ҳокимият органлари, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа жамоат ташкилотларга Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятлар руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоялар, ислом дини арконларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишлари ташкил этиш белгиланди.

Ушбу ойда ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга эътибор қаратилади, буюк алломалар, азиз-авлиёларнинг зиёратгоҳлари, қабристонлар ободонлаштирилади.