Биласизми?

Қўйлиқ бозори атрофидаги тирбандликларга ёз ўрталарида барҳам берилади

Қўйлиқ бозори атрофидаги мунтазам тирбандликларга ёз ўрталарига келиб барҳам берилади. Июн-июлда бу ерда пойтахтдаги энг йирик кўнгилочар-савдо марказларидан бирининг ҳамда яқинда лойиҳалаштирилган ва қисман қуриб битказилган "йўл чўнтаги"нинг фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

"Электроаппарат" тарафдан "Фарғона йўли" кўчаси бўйлаб Қўйлиқ бозори томонга юрилса, кўприкка етмасдан асосий трассага чиқиладиган кичик "чўнтак" бўлади. Ҳозирда бу ерда йўл четида турган машиналар сабабли мунтазам равишда тирбандликлар пайдо бўлмоқда. Савдо мажмуаси ишга тушганидан сўнг бу ерда кенг "чўнтак" бўлади, йўловчиларга қулай бўлиши учун автобусларга махсус кириш қисми бўлган бекатлар қурилади, бунинг учун 22 сотих ер ажратилди", — деди Тошкентнинг Бектемир тумани ҳокимлигидаги манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, бундан ташқари, марказ ёнида замонавий кўпқаватли уйлар қурилади, атроф эса ободонлаштирилади. Манбанинг билдиришича, Қўйлиқ улгуржи бозори ёнида транспорт учун янги "чўнтак" очиш режалаштирилган. Қўйлиқ деҳқон бозори Тошкент шаҳри ҳудудидан кўчирилганидан кейин эса вазият тубдан яхшиланади.