Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш, ер балансига риоя этиш, фермерлар ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, етиштирилган маҳсулот сотилишининг ҳисобини юритиш, шартнома мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш тартиби тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 15.09.2017 йилдаги ПҚ–3281-сон қарори билан ички бозорни барқарор тўйинтириш, қайта ишлаш корхоналарига ва экспортга етказиб бериш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида ерга ўз вақтида ва сифатли ишлов бериш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган.
Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, экин майдонлари ва етиштириладиган маҳсулотлар ҳисобини юритиш, экинлар ўз вақтида ва сифатли экилишини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари реализация қилинишини мониторинг қилишнинг аниқ тартиби белгиланди. Бунда ҳужжатнинг амал қилиши деҳқон хўжаликлари, ИТИ ва уларнинг филиаллари ер участкалари, шунингдек илмий тажриба станциялари майдонларига татбиқ этилмайди.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолият ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ер ижара шартномаси ва контрактация (фьючерс) шартномаларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил равишда жойлаштиради. Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган экинлар унумдор (40 бонитет баллдан юқори бўлган) ер майдонларига контур яхлитлиги сақланган ҳолда жойлаштирилиши керак.
Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка (40 центнер/гектар) эришган қишлоқ хўжалиги корхоналари пахта экиладиган жами ер майдонининг 5%ига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экишлари мумкин.
Экинларни жойлаштиришда ҳудудий ирригация бўлимларидан экин майдонларининг сув билан таъминланганлик даражаси тўғрисида хулоса олинади.
Экинларни жойлаштириш натижалари туман ҳокимининг қарори асосида тасдиқланади. Шундан кейин «Ўздаверлойиҳа» институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари 15 иш кунида ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонасида контурлар кесимида жойлаштирилган экин турлари ва майдонлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини яратади. Экинлар «электрон харита» орқали доимий мониторинг қилиб борилади.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари экинларни жойлаштириш бўйича ўрнатилган талабларга амал қилишини туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, «Ўздаверлойиҳа» институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек туман (шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши мониторинг қилади.
Ҳар йили август ойида давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларнинг ҳосилдорлиги реестри шакллантирилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига берилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари контрактация шартномаларига мувофиқ реализация қилинади. Бунда реализация қилиш деганда қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш, ички бозорлар ва ярмаркаларда сотиш, экспорт қилиш, бюджет ташкилотларини таъминлаш ва бошқалар тушунилади.
Маҳсулотларни реализация қилишда ҳисоб-китоблар хизмат кўрсатувчи банклар билан тузилган шартномаларга мувофиқ уларда очилган ҳисоб рақамлари орқали амалга оширилади.
Ҳужжат 6.12.2018 йилдан кучга киради.