Биласизми?

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича муҳим шартномалар имзоланди

Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзоланди. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов Вашингтонда журналистлар учун ташкил этилган брифингда маълум қилди.

Комил Алламжонов сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга илк тарихий ташрифи Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва ҳар икки мамлакатда иш ўринларини яратишга кўмаклашадиган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганишга қатъий тайёр эканликларини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ошкоралик ва ҳисобдорлик халқаро стандартларини жорий қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда АҚШ компаниялари ва инвесторларига мамлакат бозорига кириш имкониятини тақдим қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Давлат раҳбарлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун мавжуд имкониятларни ўрганишга келишиб олди. Ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзоланганлиги ва улар ҳаётга тўлақонли татбиқ қилинган тақдирда, 4,8 миллиард доллар миқдорида баҳоланиши ва АҚШда 10 минг иш ўринларини сақлаб қолиши ҳамда келгусида бир неча миллиард доллар миқдоридаги шартномалар учун имкониятлар яратиши мумкинлиги эътироф этилди.

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистоннинг иқтисодий лидер сифатида ўсиб бораётган ролини эътироф этди.

У жорий йилда мамлакатда Марказий Осиё савдо форумини ва Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестицияларга оид ҳадли битим бўйича кенгаш йиғилишини ўтказишга доир Ўзбекистон таклифи бундан далолат беришини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилаётганини қайд этди. Президент Дональд Трамп Ўзбекистон ўз савдо режимини ташкилот нормаларига мувофиқ либераллаштириш бўйича кун тартибидаги ислоҳотларни амалга оширгани сайин АҚШ унга техник кўмак кўрсатишини таъкидлади.

Ўзбекистон Фонограмма ишлаб чиқарувчилар манфаатларини, уларнинг фонограммаларини қонунсиз ишлаб чиқаришдан ҳимоя қилиш тўғрисида Женева конвенцияси ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг интернет бўйича шартномаларига қўшилиш орқали интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ эканлигини билдирди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш икки томонлама савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги имкониятларни очиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.