Биласизми?

Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб алоҳида бир давлат учун эркин иқтисодий зона ташкил этади

Ўзбекистон дунёда илк марта алоҳида бир мамлакат учун эркин иқтисодий зона ташкил этади. Бу ҳақда республика Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.

«Савдо-саноат палатаси Чилонзор тумани ҳокимининг немис эркин иқтисодий зонаси тузиш бўйича тақдимотини тўла қўллаб-қувватлайди. Айтиш мумкинки, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 193 мамлакат орасида бу алоҳида давлат учун ташкил этилган биринчи эркин иқтисодий зонадир. Мен ўйлайманки, германиялик инвесторлар буни муносиб баҳолашади», – деган Икрамов.

Немис эркин иқтисодий зонасини Тошкент шаҳридаги «Алгоритм» мажмуаси базаси ўрнида, 16 гектардан ортиқ майдонда ташкил этиш режалаштирилган.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бундай ягона саноат зонасининг пайдо бўлиши Германия сармояларини жалб қилишга ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки беради.

Шу кунларда Ўзбекистонга Германия ишбилармон доиралари вакилларининг икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги энг кўп сонли делегацияси ташриф буюрган. Улар орасида Siemens, МАN, BASF, TUI Group, SAP, Deutsche Bank ва Commerzbank компаниялари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакилларидан иборат катта гуруҳ бор.