Биласизми?

Ўзбекистон Афғонистонда газ қувури қурилишида иштирок этади

Ўзбекистон ва Афғонистон “Шиберган - Мозори Шариф” газ қувури қурилишини биргаликда амалга оширишни режалаштирмоқда.

“Қисқа вақт ичида Ўзбекистонлик мутахассислар гуруҳи Афғонистонга келади. Биз геологик разведка бўйича бир неча лойиҳалар ва Шибиргандан Мозори Шарифга газ ўтказгич қурилишини муҳокама қиламиз. Бу узунлиги 94 км бўлган ички газ қувури бўлади. Унинг қурилишида Ўзбекистон иштирок этади”, - деди Афғонистон шахта ва нефт вазири в.б. Наргис Нихан.

Вазир в.б. айтишига қараганда, ўзбекистонлик мутахассислар жойидаги шароитлар билан танишиб иш ҳажмини баҳолаганларидан сўнг лойиҳанинг деталлари аниқ бўлади.

Шунингдек, Нихан Ўзбекистон ва Афғонистон орасида тўғридан-тўғри газ ўтказгич қурилишига ҳам изоҳ берди.

“Айни дамда ушбу масала муҳокама қилингани йўқ, лекин Афғонистонда табиий газга талаб ошиб бораётгани туфайли, бундай лойиҳа келажакда пайдо бўлиши мумкин деди”, - Нихан.

Охирги бир ярим йил ичида Ўзбекистон ва Афғонистон орасида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки томонлама савдо-сотиқнинг нафақат ҳажми, балким таркиби ҳам кенгайиб бормоқда.

2017  йилда ўзаро савдо-сотиқ 600 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2018 йилнинг бошида ушбу кўрсатгич 30% ўсиш намойиш қилди. Яқин йиллар ичида маҳсулот айрбошлаш ҳажми 1,5 миллиардга етиши мумкин.