Олдиндан дарҳол айтиб ўтмоқчимиз: мақола орқали саботажга даъват қилиш кайфияти йўқ. 1944 йилда Марказий Разведка Бошқармаси махфий рисолани (брошюра) тарқатди. Унда нацистлар блокининг Гитлерга қарши кайфиятдаги фуқароларига аталган йўл-йўриқлар бор эди. Рисола нацистлар тизимига қарашли ишлаб чиқариш корхоналарини ичдан емиришга қаратилган. Қизиғи шундаки, рисола мазмуни бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
“Ишхонада саботаж ташкил қилишнинг оддий усуллари” номли рисола 2008 йилда оммага кўрсатилди. Ҳозирда уни МРБ сайтидан топиш мумкин.
Йўриқномани кўздан кечириб чиққан ўқувчи оддий ходимдан саботажчи ходимга айланиш нақадар осонлигига амин бўлади.
Биз мазкур рисоладан энг диққатга сазовор иқтибосларни саралаб олдик. Жўн тилда баён этилганига қарамасдан худди бизга таниш бирор корхонадаги аҳволни таърифлаганга ўхшайди.
Текшириб кўринг-чи, бирор ҳамкасбингиз ушбу йўриқнома асосида ишлармикан ;)
Иш жараёнини ташкил этиш
- Ишни бир-бирига боғлиқ воситалар орқали ташкил қилинг. Бажаришга тўғридан-тўғри йўл қолдирманг, тезкор қарорларга тўсиқ яратинг.
- Нутқ ирод қилинг. Тез-тез ва узундан-узоқ сўзланг. Ўз фикрларингизни узун латифалар ва шахсий тажрибаларингиздан қўшиб баён қилинг.
- Иложи бўлса муаммоларни қўмиталар воситасида ечинг, масалаларни ҳал қилиш учун ўрганиш ва кўриб чиқишга юборинг. Қўмита таркибига камида беш одамни киритишга эришинг.
- Тез-тез ноўрин масалаларни кўтариб туринг.
- Суҳбатда, протокол ва резолюцияларда фикрни аниқ-тиниқ ифодалашни талаб қилаверинг.
- Масалаларни қайта-қайта кўриб чиқинг, аввалги кенгашда ҳал этилган масалага қайтаверинг.
- Атрофингиздагиларни эс-ҳушли, эҳтиёткор бўлишга, шошмасликка унданг. Бу келажакда муаммо келтириб чиқариши мумкин.
Раҳбарларга маслаҳатлар
- Ходимларингиздан қайси бири энг жўн ва арзимас ишни бажаради? Энг муҳим топшириқни ўшанинг зиммасига юкланг. Қўл учида ишлайдиган ходимларингизнинг иззатини жойига қўйинг.
- Ишни кам-кўстсиз бажартиринг. Арзимас хатолик учун ҳам қайтадан бажаришга мажбурланг.
- Жамоадаги кайфиятни тушириш учун суст ишлаётганларнинг мартабасини оширинг. Иши унмайдиган ходимларга нисбатан эҳтиромли бўлинг.
- Шошилинч ишлар тиқилиб кетган маҳалда конференция ташкил қилинг.
- Маош билан боғлиқ процедуралар ва йўриқномалар сонини оширинг. Бир ходим эплайдиган ишни камида уч киши тасдиқлайдиган бўлсин.
Хизматчиларга маслаҳатлар
- Секин ишланг.
- Танаффус муддатини иложи борича узайтиринг.
- Сифатсиз иш бажаринг. Айбни асбоб-ускуналарга, машинага ёки иш жиҳозларига ағдаринг. Кўнгилдагидек иш бажаришга халақит бераётганлигидан шикоят қилинг.
- Иш тажрибангизни бошқалар билан асло ўртоқлашманг.
Раҳбариятингиз ёки ҳамкасбларингизни учратдингизми? Учратмаган бўлсангиз, унда сизни табрикласак бўлади.
Ёмон ходим бўлишнинг барча сир-асрорларини қуйидаги йўриқномадан батафсил ўрганиб олишингиз мумкин.
lifehacker.ru сайти асосида тайёрланди