Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бугун Қозоғистондаги фожиада ҳалок бўлган 49 нафар юртдошларимизнинг рўйхатини эълон қилди. Рўйхатни кўриб, юрак-бағрим яна қон бўлди. Албатта ҳар бир вафот этган шахснинг доғи барчамиз учун юк, лекин ҳалок бўлганлар орасида ота-бола, ака-укаларнинг борлиги қалбимизни баттар тирнаяпти.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан ота-бола – 1970 йилда туғилган Маърифжонов Адҳамжон (48 ёш) ҳамда уларнинг фарзанди Авазбек (21 ёш) ҳам ҳалок бўлибди.
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидан ака-укалар Мадрахимов Хамидулло (32 ёш) ва Хабибулло (27 ёш) бу ёруғ оламни эрта тарк этишди.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан Мухсинжоновлар оиласида ҳам яна бир ака-укалар Турдиали (24 ёш) ва Абдулбоқи (22 ёш) ҳам энди орамизда йўқ.
Қандай фожиа юз берганини ҳис қилиб кўряпсизми ўзи?
Қанчадан-қанча оила суянган тоғи, оила бошисини йўқотди. Қанчадан-қанча ота-оналар навқирон, айни кучга тўлган фарзанду жигарбандидан айрилди. Водий узра мотам қора булути кезиб юрибди...
Ижтимоий тармоқларда буларга ким айбдор, деган саволларни кўп беришмоқда. Айримлар ишсизликдан тортиб, билет нархларигача, қишлоқларда шароит йўқлигидан тортиб марҳумларнинг ўзларини ҳам айбдор қилиб кўрсатишгача боришяпти.
Лекин мендан сўрасангиз, буларнинг барчасига сифатсиз таълим айбдор, деб жавоб бераман.
Ишсизлик кўпми? Чунки, таълим тизимимиз янги иш ўринларини очадиган, инновацион ғоялар, ташаббускорлик билан яшайдиган ҳар томонлама етук кадрлар етиштириб бера олмаяпти.
Тадбиркорларимиз ривожланмаяптими? Чунки, таълим тизимимиз тадбиркорнинг юраги бўлган кучли менеджерлар, маркетологлар, узоқни кўра оладиган молиячиларни етиштириб бера олмаяпти.
Коррупция кучлими? Чунки таълим тизимимизнинг бошланиш булоғи коррупциядан бошланади. Боғчага болангизни қўйишдан пул билан бошлаганингиздан кейин у токи институтни тугатиб диплом олгунгача қанчадан-қанча қорни қаппайган виждонсиз раҳбарларнинг чўнтагини бойитишингиз керак.
Четда мардикорлик қилишяптими? Чунки таълим тизимимиз замонавий меҳнат бозорига бардош бера оладиган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаб бера олмаяпти. Бизнинг таълимдан чиққанларнинг кўпчилиги (ҳаммаси эмас) нари борса кўча супуриш ёки қурилиш қилишга яраяпти холос.
Хўш, яна қайси соҳа керак? Юртимизда малакали шифокорлар камми? Чунки тиббий таълим чириб битган. Юртимиз ўз табиий бойликларидан мақсадли фойдалана олмаяптими? Чунки нефт-газ, геология ва шу каби соҳаларда пичоққа илинадиган мутахассис тайёрлаш таълим тизимимиз учун амри маҳол.
Юртимиз ерлари кам самарали экинлар билан банд қилиняптими? Чунки таълим тизимимиз қишлоқ хўжалиги, ирригация-мелиорация соҳасида бирорта натижа кўрсата олмаяпти.
Умуман мамлакатимизда қайси соҳа оқсаётган бўлса, қайси соҳада тизим ишдан чиққан бўлса, билингки уларнинг таг замирида сифатсиз таълим ётади. Таълими ривожланмаган, ўқитувчиси ҳурматга эга бўлмаган жамият ҳеч вақога эриша олмайди. Бундай жамиятнинг бошида фақат мотам бўлади холос.
Қозоғистондаги фожиада кириш имтиҳонларида нафсига қул бўлиб, миллатига хиёнат қилаётган коррупционер масъулларнинг ҳиссаси бор.
Қозоғистондаги фожиада ўқитувчини пахта даласига ҳайдаган, уларга кўча супуртирган масъулларнинг ҳиссаси бор.
Қозоғистондаги фожиада ўқитувчиларни қоғозбозликка кўмиб, ҳар бир йўталгани учун ҳам ҳужжат сўрайдиган тизимни яратиб қўйган масъулларнинг ҳиссаси бор.
Қозоғистондаги фожиада сессия пайтлари жарақ-жарақ пуллар эвазига калласи бўм-бўш талабаларни ҳимоя қиладиганларнинг ҳиссаси бор.
Қозоғистондаги фожиада сифатли таълим тизимини яратиш учун масъул бўлган, лекин буни шунча йилдан буён уддалай олмаётган барчанинг ҳиссаси бор.
Келгусида бундай фожиалар яна такрорланмаслиги учун “бизда ҳаммаси яхши, таълимга эътибор катта, кўп маблағлар ажратяпмиз, кириш имтиҳонларида қинғирликлар аниқланмади, 5-6 нафар ўқувчиларимиз халқаро олимпиадада ўрин олди, демак тизим зўр” деган олди-қочди гапларни бугундан йиғиштириб, илм-фанни, интеллектуал оламни ривожлантириш, ўқитувчиларнинг нуфузи ва салоҳиятини ошириш йўлида жиддий, кенг кўламли ислоҳотларни бошлашимиз керак.
Эртага кеч бўлиши мумкин... Ҳар 2-3 ойда ўзга юртга иш излаб кетаётган 50-60 нафар бегуноҳ юртдошларимиздан айрилиб қолишни жимгина кузатиш оғир.
Хушнудбек Худойбердиев