Биласизми?

Малайзияга бормоқчимисиз?

Малайзия очиқкўнгил аҳолиси, нам иқлими, экзотикаси ва ажабтовур ўсимликлари билан ажралиб турувчи шарқ мамлакатидир. Малайзияликларнинг бошқа халқлардан фарқланиб турадиган бир қатор жиҳатлари, одатлари бор. Биринчи кўришда сайёҳга қизиқ туюлиши мумкин.

Малайзия – кўп миллатли диёрдир: малайлар, хитойлар ва ҳиндлар истиқомат қилишади. Аҳолиси кўп миллатли ва турфа динларга эътиқод қилишига қарамай ўзаро муштарак қадриятлар билан яшашади.

Аммо малайзияликларнинг байрамлари кам. Буни уларнинг меҳнатсеварлиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳаттоки, меҳнат таътилининг муддати икки ҳафтадан ошмайди.

Малайзияда чапақайларга рўйхушлик беришмайди. Барча ишни ўнг қўл билан бажарсангиз ёқасиз, шунинг учун овқатланиш, бирор нарсани узатиш учун ўнг қўлни ишлатинг. Бировнинг бошига чап қўлни текказиш умуман мумкин эмас.

Малайзияликлар худди бизга ўхшаб, белгиланган учрашувга кечикиши оддий ҳол. Улар немислардек эмас. Бирор келишув юзасидан ўтказилаётган суҳбат шахсий мавзуга бурилиб, оила, бола-чақани баҳузур суриштириб кетишса, ҳайрон бўлманг. Бу мамлакатда масалани тўғридан-тўғри баён этиш эмас, хушмуомалалик ва одобга кўпроқ эътибор берилади. Шунинг учун коса тагидаги нимкосани кўра олиш керак. “Шарқ нозик масала”, деб айтишади-ку.

Катталарни ўзбеклар сингари амаки (pakcik), хола (makcik) деб чақиришади. Бу уларда ҳурмат белгиси саналади.

Куала-Лумпурда Петронаснинг 452 метрли (88 қават) эгизак бинолари жойлашган. “Н” шаклидаги осмонўпар бир муддат дунёнинг энг баланд биноси мақомида турди. Рақобатни кучайтириш учун иккала минорани қуриш алоҳида компанияларга топширилган. Барча қурилиш материаллари Малайзиянинг ўзида ишлаб чиқарилган.

Борнео чакалакзорларида “ўзиюрар” дарахтлар ўсади. Бу афсона эмас, дарахт сув излаб йўлга чиқади ва йилда бир неча метр йўл босиб қўяди.

Малайзияда айиқларнинг энг кичкинаси истиқомат қилади, унинг номи бируанг. Бўйи 50-60 см, вазни 65 кгдан ошмайди. Шунга қарамасдан у жуда баджаҳл, учратиб қолсангиз жаҳлини қўзғата кўрманг.

Малайзияликлар очиқ юзли халқ. Барчага табассум ҳадя қилишдан эринмайди. Уларнинг жилмайишида тамагирлик аломати йўқ. Сайёҳларни ҳурмат қилишади.

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди