Биласизми?

Маданий мерос: ЕТТБ Ўзбекистонда 153 миллион еврога баҳоланувчи олти лойиҳани амалга оширади

14-19 сентябрь кунлари Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг маданий меросни сақлашга доир семинар ва халқаро тренинглари бўлиб ўтмоқда. Мазкур дастур Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан қўллаб-қувватланди, деб ёзади Kun.uz.

Wyndham-Tashkent меҳмонхонасида ЕТТБ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларининг биринчи таништирув семинари ўтказилди. Тадбирни Қўмита раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаев очиб берди.

У Ўзбекистоннинг маданий меросини сақлашда мамлакат иқтисодиёти туристик секторининг муҳим ролини қайд этган ҳолда туристик салоҳиятнинг ўсишига доир статистик маълумотларни тақдим этди.

"Шубҳасиз, маданий меросни сақлашда молиявий институтлар лойиҳалари биз учун жуда аҳамиятли, айниқса, ЕТТБ каби йирик ташкилотлар лойиҳалари. Европа банки учун бу ноёб биринчи лойиҳа бўлиб, у бор-йўғи бир неча мамлакатда, жумладан Ўзбекистонда тест режимида ишга тушади, - дея таъкидлади Улуғбек Қосимхўжаев. - Бу кўплаб мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки бериб, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшади".

ЕТТБ катта банкири, директорнинг кўчмас мулк ва туризм бўйича ўринбосари Марилена Вуиу бу борада шундай дейди:

"ЕТТБ туристик сектор ва маданий меросни ривожлантиришга доир лойиҳаларни молиялаштиришни салоҳиятли имкониятларга эга инновацион ва муҳим ташаббус сифатида тан олади. Шу боис ЕТТБ миллий ва субмиллий хусусий лойиҳаларни молиялаштиришга оид кўп соҳали дастур - "Маданий мероснинг асосий концепцияси" лойиҳасини тасдиқлади. Шунга мувофиқ банк Ўзбекистонда умумий суммаси 153 миллион евродан ортиқни ташкил этувчи олти лойиҳани амалга оширишга доир келишувни имзолади. ЕТТБ Асосий концепциясига мувофиқ молиялаштирилувчи лойиҳалар бевосита маданий объектларни сақлаш, шаҳарлар инфратузилмаларини ривожлантириш, туристик хизматлар сифатини назорат қилишга йўналтирилади".

ЕТТБнинг маданий меросни сақлашга оид Асосий концепция лойиҳалари бўйича семинарлар 17-18 сентябрь кунлари Хивада давом этиб, 19 сентябрь куни Тошкент шаҳрида якунланади.