1999 йилдан Американинг Time журнали "Жаҳоннинг энг нуфузли кишилари" рўйхатини эълон қилиб келади. Мазкур рўйхатга жаҳон эътиборидаги бизнесмен, сиёсатчи, спортчи, сахий кишилар 5 тоифага асосан киритилади. Жорий йилда Голливуд актёри Леонардо ДиКаприо "Жаҳоннинг энг нуфузли кумири" тоифасида тенгсиз деб топилди.
Журналистлар фикрича, "Омон қолиш" (“The Revenant”) фильми айнан 41 ёшлик ДиКаприонинг тенгсиз ижроси натижасида жаҳон бўйлаб $532 млн доллар касса тўплашга муваффақ бўлган. Шунингдек, актёр сахийлиги билан ҳам шуҳрат қозонган. У сайёрамиз экологиясини асраш учун имкон-эътиборини дариғ тутмайди.
1974 йилнинг 11 ноябрида АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган, 1912 йилдан бошлаб кино саноати пойтахтига айланган Голлувуд ҳудудида таваллуд топган Леонардонинг тақдирида кино санъати намояндаси бўлиш ёзилган эди. Асли италиялик бўлган комик рассом Жорж ҳамда келиб чиқиши германиялик Ирмелин ДиКаприоларнинг ёлғиз фарзандларига Леонардо исмининг қўйилиши ҳам бежизга эмас.
Маълум бўлишича, бўлажак чақалоқ она қорнида илк маротаба тепганида унинг онаси Италияда буюк рассом Леонардо Да Винчи суратларини томоша қилаётган эди. Ҳа, санъаткорнинг тақдири санъат музейидаги ишора туфайли маълум қилинган эди. "Менинг онам – мисоли ҳаракатдаги мўъжизага ўхшайди", деган эди актёр кейинчалик.
Леонардонинг болалик йиллари Германия ва Италияда, бобо-бувисиникида ўтди. Унинг она томонидан бувиси Россияда туғилгани боис, актёр баъзи интервьюларида ўзини ярим рус миллатига мансуб эканини ҳам айтиб туради.
Унинг истараси, қад-қомати, ташқи кўринишидаги камерабоп жиҳатлар, шубҳасизки Леонардони кинога бошлади. Аввалига таълимий ва тижорат, сериал фильмларида суратга тушган ДиКаприо 1992 йилда Голливудга кириб келади. Кастингида 400 дан зиёд йигитлар иштирок этган "Бу йигитнинг ҳаёти" ( This Boy's Life) фильмида бош ролни ўйнаш айнан Леонинг чекига тушган эди.
Шубҳасизки, 1997 йилда экранларни "забт" этган "Титаник" 20 ёшли Леонардо учун шуҳрат чўққиси бўлди. Ўша йили $1.843 млрд маблағ ишлаб топган фильм бош қаҳрамони Жек Довсон ижросидан кейин Ғарбда хотин-қизлар ўртасида "Леомания" касаллиги тарқайди. У кинодаги қаҳрамони айтгани каби, чиндан шон-шуҳрат қуршовидаги жаҳон қиролига айланади. Шундан кейин Леонардо ДиКаприо "Тутқич бермас", "Уолл стрит бўриси" каби кўплаб фильмларда роллар ижро этди.
Унга 2016 йилга қадар 46 халқаро нуфузли мукофотлар топширилган. Аммо 2016 йилда берилган "Оскар" мукофоти анча кечиккани ҳақида гапирмаган инсон қолмаган эди. "Йилнинг энг яхши актёри" мукофотни олиш чоғида ҳам глобал исиш муаммосига тўхталиб, ҳамкасбларини ҳамкорликка чорлади.
Унинг шахсий ҳаёти романтикага бой бўлди дейиш қийин. Боиси Леонинг қалби учун жаҳоннинг таниқли моделлари "жанг" қила бошлашди. Унинг бир неча маротаба моделлар билан унаштируви ажралиш билан якун топади. Ҳатто 2005 йилда улардан бири рашк устида актёрнинг бошига шиша бутилка билан уриб, 2 йилга қамалиб кетади.
2010 йилда актёр Гаитидаги зилзиладан азият чекканлар учун 1 млн доллар, ёввойи ҳайвонларни асраш учун яна 1 млн доллар маблағ ажратган. "Сайёрамиз тақдири бизга боғлиқ", шиори остида 2013 йилда ДиКаприонинг ташаббуси билан бошланган экологик хайрия кампанияси учун $40 млн доллар маблағ тўпланади. Бу экология учун йиғилган тарихдаги энг катта маблағ эди. ДиКаприо АҚШ президентларидан Барак Обамани сайловлар жараёнида маънавий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган.