Мактаб саҳнасидаги илк чиқишингиз ҳали эсингизда турган бўлса керак. Бадандан совуқ тер чиқиб, сўзларнинг ўрни алмашиб қолган, ҳамманинг нигоҳи бизга қадалганини ўйлаб асаблар таранглашган ҳолат.
Жамоат олдида чиқиш қилиш, музокара олиб бориш эркак киши қила олиши керак бўлган муҳим хислат ҳисобланади. Боиси эркак оила бошлиғи сифатида ҳар хил вазиятга тушиши, муваффақиятли иш юзасидан амалларини сўзларида ҳам ифодалай олиши лозим.
Мулоқот – ҳаётда инсон энг кўп эҳтиёж сезадиган, умрининг сезиларли бўлаги сарфланадиган жараён. Унинг аҳамиятли бўлиши умрнинг мазмун-мақсадига ҳам таъсирини ўтказади.
Муваффақиятли чиқиш қила олиш кўникмасига эга барча инсонларнинг ягона ютуғи – уларнинг меҳнати. Улар гапираётган ҳар бир сўз залворининг ортида шунга яраша амал, яъни ҳаракат турган бўлади.
Қуйида сизга жамоат олдида самарали чиқиш қилишда ёрдам берадиган 18 та, энг кўп айтиладиган тавсияни тақдим қиламиз.
- Оломон билан эмас, одамлар билан боғланинг.
Маъруза арафасида қаршимизда турган оломонни кўриб бизни ҳаяжон босади. Бунинг бош сабаби – қаршимиздаги одамларнинг бегона экани. Биз 20-30 нафар яқинларимиздан иборат жамоа олдида бемалол, самимий гапира оламиз. Аммо шунча нотанишнинг бизнинг ҳимоя тизимимизга таъсир ўтказиши тайин.
Шу сабабли, маъруза бошлангунига қадар ёки чиқиш қилаётганингизда аудитория билан алоқага киришинг. Савол-жавоблар асносида улар тўғрисида, мавзу юзасидан муносабатлари, қизиқишлари ҳақида билиб олинг.
Шунда сизга тикилган оломон сиз учун қадрдон жамоага айланади. Сиз унинг баъзи жиҳатлари тўғрисида билиб оласиз ва ўзингизни унинг қаршисида эркин ҳис қиласиз.
- Қаддингизни тик тутиб, ўткир ва самимий нигоҳ билан боқинг.
Тилдан чиқаётган сўзларнинг кўзларда ифодаланиши чиқиш таъсирини оширади. Гўёки опера куйлаётган санъаткорнинг маҳорати унинг юз ва кўз ифодасига қараб ҳам баҳоланаётгани каби, сизнинг чиқишингизда ҳам кўзнинг аҳамияти юқори бўлади.
Муваффақиятли нотиқлар фаолияти ўрганилганда уларда маъруза жараёнидаги икки ўхшашлик аниқланган. Бири – тик тутилган қад-қомат ва бошқаси – овоз оҳанги. Овоз оҳанги баъзида хайрихоҳ, баъзида қатъий, аммо доимо самимий бўлиши лозим.
Қаддингизни тик тутинг. Руҳшуносларнинг фикрича, қад-қоматини тик тутиб сўзлаётган киши рост ва ўзига ишониб сўзлар экан. Шунингдек, тадқиқотлар сўзловчининг тик ва равон қомати муваффақиятли нутқнинг 60 фоизини таъминлашини кўрсатмоқда.
- Қўл ва гавда тилидан фойдаланинг.
Омма олдида асаб тизими тез толиқади. Натижада ўзига ишончи пастроқ инсон турли қовушмаган ҳаракатлар қила бошлайди. Сиз бу ҳаракатларни мақсадли ва мазмунли ҳаракатга айлантиринг.
Кўпчилик нотиқлик санъати мутахассислари гавда тилини танқид қилишади. Аммо бу ҳаракатлар тингловчига сиз мавзуни ёки масалани тушунтиришга чин юракдан ҳаракат қилаётганингиз ҳақида хабар юбориб туради. Шу боис, енгил ва жуда тез бўлмаган, оҳиста қўл ҳаракатларини қилиш, фикрларни бош билан тасдиқлаш мумкин. Бу каби ҳаракатлар аудиториянинг диққати сизга қаратилишини таъминлайди.
Аммо енгил-елпи, кескин ҳаракатлар қилманг. Гавдангизни уёқдан буёққа ташламанг.
- Нафас олинг: чуқур-чуқур нафас олинг.
Сўзлаётганда тўғри нафас олиш сўзларнинг бурро, чайналмасдан талаффуз қилинишига ёрдам беради.
Чуқур нафас олганда танага етарли кислород қиради. Натижада, мия ҳам, тана ҳам яхши фаолият кўрсатади. Бирор масалани оёқнинг учига қадар тафаккур қилиш керак, деган тушунча бор. Бундай ҳолатда равон ва бардам сўзлаш мумкин бўлади. Тўғри нафас олиш тетикликни ҳам таъминлайди.
- Кўз орқали алоқа ўрнатиш.
Кўз орқали алоқа аудитория билан боғланишнинг муҳим воситаси. Маърузачи хонага диққат билан разм солиши, аудиториядагиларга диққат қилиб, уларга нигоҳини йўналтиришнинг ўзидан катта куч-қувват олар экан.
Руҳшунослар ҳам инсонлар кўзлари ёрдамида энергия алмашишларини тасдиқлашади. Сизга тикилиб турган хайрихоҳ ва дўстона нигоҳлар далда бўлади.
Кўз орқали алоқа аудиториядаги одамларни "уйғоқ" тутиб туришнинг воситаси. Сиз бир маротаба кўз уриштирган одам маъруза давомида сизга диққат қаратади.
Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, кўпчилик олдида маъруза қилаётганда сиз кимгидар қарасангиз унинг атрофидаги 3-4 киши сизни гўё ўзига қараётгандек қабул қилади ва диққатли бўлади.
- Муваффақиятли кириш ва самимий давом эттириш.
Бошлаш – ҳар ишнинг муҳим палласи. Маъруза тақдири ҳам кириш қисмига боғлиқ. "Сизга маъруза қилишдан мамнунман", "Мени таклиф қилганингиз учун раҳмат" деган кириш сўзлари "аслида бунга муносиб эмасман" деган маънони беради. Моҳир нотиқ ҳатто у маъруза қилмоқчи эканлигини сездирмасдан одамлар билан суҳбатга киришиб кетади.
Машҳурларнинг фикрлари, статистик маълумотлар, куннинг бирор долзарб янгилиги, кўпчиликни қизиқтирадиган савол орқали кириш қилиш самарали усулдир.
Жуда бўлмаса, нутқдан олдин сукут сақланг. Бу сукут тингловчилар диққатинининг жамланишига хизмат қилади. Ҳамма сергак тортади, шовқин тўхтаб, овозлар тинади ва сизга нигоҳини қадаб, маърузани қай йўсинда бошлашингиз, овозингиз қанақалигига қизиқиб қолади. Ундан кейин залнинг сукунатини сизнинг самимий ва дўстона оҳангиз таъсирли сўзлар билан бузса, ажойиб иш бўлади.
Бу гўё тошқин сойдан кафтга сув олишга ўхшайди: кафтингизда сув янада тиниқ намоён бўлади ва сиз чанқоғингизни қондирасиз.
- Ҳикоя қилувчи бўлинг.
Жамоат олдида чиқиш қилишнинг маҳоратли усталари фақатгина ҳисобот ёки маълумот бериб чекланиб қолмайдилар. Улар сўзлар ёрдамида тингловчи тасаввурида суратлар чизишади. “Сўзлама, кўрсатиб бергин” деган қадимги ўгитга амал қилишади.
Сиз бу шаҳарда ҳаракат қилганга омад кулишини айтиш ўрнига, буни узоқ тумандан келган, ўзингиз билган инсоннинг ўз кучи билан ўқигани ва меҳнати эвазига йиллар ўтиб, шаҳарнинг муваффақиятли тадбиркорига айлангани мисолида ҳикоя қилинг.
Бунга Дейл Карнегининг тавсия ва маслаҳат берувчи, кўп нусхада сотилган "Дўст орттириш ва инсонларга таъсир кўрсатиш" китобида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Яъни, унда тавсиялар қаторида 30 та турли воқеа ва ҳикоялар ҳам келтирилган.
- Сукутни бошқариб, бўшлиқдан фойдаланинг.
Энди-энди маъруза қилишни бошлаётганлар учун чиқиш жараёнидаги қисқа сукутлар ҳам билимсизлик бўлиб туйилиб, ўртадаги чуқур жарликка ўхшаб кўринади. Аслида моҳир нотиқлар учун сукут – айни муддао. Фикрлар ўртасидаги бу бўшлиқ гўё сўзлар орасидаги вергулга ўхшайди: тингловчиларга фикрингизни мағзини чақиш, тушуниш учун ёрдам беради. Бу жараёнда эса сиз кўз билан алоқани узманг.
Ноталарнинг оҳангини уларни чалиб эмас, улар ўртасида бўшлиқ қолдириб маромига етказиш мумкин, деган машҳур фикр бор. Агар матндаги сўзлар ўртасида ҳам бўшлиқ бўлмаса, бу матннинг ғализ эканини кўрсатади.
- Инсонлардан қувват олинг.
Оломон қаршисидаги қўрқувни енгишнинг яна бир усули – инсонларга эътиборли бўлиш, уларнинг нигоҳларига қараб, бундан қувват олиш.
Асабийлаша бошлаганингизни сезсангиз, пастга-тепага эмас, одамларга боқинг. Шунда улар сизга далда кераклигини сезишади ва нигоҳлари, табассумлари билан хайрихоҳлик билдиришади.
- Маърузани ёд олманг.
Маърузани сўзма-сўз ёд олиш хато. Унинг моҳиятини эслаб қолинг. Гўёки маъруза суякларини эслаб қолинг, жараёнда унга эт беринг. Маърузани сўзма-сўз ёд олиш ундаги асосий фикрларни унутиб юборишга олиб келади. Чиқиш мобайнида нутқни шеър ўқиган каби бир текис гапирадиган бўлсангиз, аудитория билан мулоқот қилиш қийинлашади. Бу вақтда мулоҳаза хотирада юрган, қаршисидаги одамларни унутган бўлади.
Лекин чиқиш жараёнида муҳим фикрлар туширилган эслатма ва қайдлардан фойдаланиш мумкин.
- Билмаган мавзуда сўзламанг.
Шундай вазиятлар бўладики, бирор мавзуда моҳир нотиқларни бутунлай бошқа мавзу ҳақида суҳбатга тортишади. Сиз ўзингиз билмаган нарса ҳақида гапирманг. Бу номингизга ҳам, руҳиятингизга ҳам салбий таъсир қилади.
Ёки мавзу юзасидан жиддий тайёргарлик кўринг. Маълумотларни излаб топинг ва билимингизни бойитинг. Акс ҳолда, 15 та тингловчи орасида сизни савол билан ер тишлатиши мумкин бўлган кимдир топилади.
- Тажриба, машқ ва амалиёт.
Кўпчилик одамлар ўз тақдимотлари хусусида амалда бирор тажрибага эга бўлмайдилар. Бу эса жамоатчилик олдидаги чиқишнинг самарасига таъсир қилади.
Вақти келганда аудиторияни жалб қилинг, уларга савол беринг. Уларнинг билими ва тажрибасини билинг.
Apple Computer'нинг илк ходимларидан бири, машҳур тақдимотчи ва маркетолог Гай Кавасакининг "Бошлаш санъати"да ёзилишича, бирор тақдимотни қилишдан аввал 25 маротаба машқ ва амалиёт қилиш керак экан. Қанча кўп машқ қилса, маърузачининг муваффақият қозониш имконияти, маърузанинг табиийлиги, самимий руҳияти шунчалик ошиб боради.
Машқ қилишнинг яна бир йўли – ўзингизни тасвирга олиш ёки овозингизни ёзиш ва уни қайта-қайта томоша қилиш, тинглаш. Ўз тақдимотингизни ёзиб олиб биринчи марта кўрганингизда ўзингизга ўзингиз ёқмай қоласиз. Бунда камчиликларингизни ҳисобга олиб, уларни бартараб қилиш чораларини кўринг.
- Муваффақиятни тасаввур қилинг.
Генри Форд шундай дейди: "Қила оламан деб ўйласангиз ҳам, қила олмайман деб ўйласангиз ҳам - тўғри ўйлаган бўласиз". Саҳнага чиққан инсоннинг тасаввури ҳаммасини ҳал қилади. Жаноб Форд айтмоқчики, сиз муваффақият қозонишингизга ўзингиз ишонинг.
Хўш, нега энди ижобий бўлиб, ўзимизни қўллаб юбормаслигимиз керак? Муваффақиятли чиқишимизни тасаввур қилиш – аслида муваффақиятдир.
Кимдир сизнинг маърузангиздан таъсирланиб кулади, кимдир руҳланади, кимнингдир кўзларига нам инади, яна бошқа биров бу нутқдан кейин кўчага чиққач, қуёшга томон юради ва соялар ортда қолади. Сиз улар учун муҳим хабарни етказасиз. Шуларни унутманг.
- Аудитория кимлигини билиш.
Оддий аҳоли вакилларига бошқариш санъати ҳақида гапириш катта хато бўлиши мумкин. Чунки бу улар учун қизиқ эмас. Маъруза ёки чиқиш мақсадли бўлиши учун сиз қаршингизда ким турганини билишингиз керак.
Сиз сизни кузатиб турган одамларга сўзламанг, улар билан сўзлашинг. Бунинг учун улар ҳақида маълумотга эга бўлиш зарур.
- Тақдимот, бу – оқ қоғоз эмас.
Сўнгги вақтларда проектор ёрдамида тақдимот қилиш урфга айланди. Бироқ экрандаги тақдимотда бутун бошли маърузанинг тиқиштирилгани томошабинни асабийлаштиради. Боиси у бу ерда ўқиш учун эмас, тинглаш учун ўтирибди. Қолаверса, тақдимотдаги маълумотни ўқиш осон эмас.
Тақдимотда сўзлар эмас, фикрлар муҳим ўрин эгалласин. Мисол учун, Apple компанияси асосчиси Стив Жобс янги қурилма тақдимотида доимо бирор гаджетнинг нечта ва неча кунда сотилганини айтишни яхши кўрган. Дейлик, "59 кунда 2 миллион дона iPhone сотилди" деган маълумотнинг ўзи одамларни тақдимотчини тинглашга, бунинг сабабини билишга ундайди.
- Маъруза қиладиган жой билан танишиш.
Агар бир жойда 3-4 марта маъруза қилсангиз, бу жой ҳам сизга яқин бўлади ва кейинчалик бу ерда ўзингизни яхши ҳис қиласиз. Боиси, сиз бу ерда ниманинг қаерда жойлашганини билиб оласиз, бу жой ҳақида ахборот сизда мавжуд бўлади. Шу орқали сиз ва бу саҳна ёки зал ўртасида алоқа ўрнатилади.
Сизнинг чиқишингиз жуда муҳим бўлса ва маъруза қилинадиган жой сизга яқин бўлса, у ерга тадбирга қадар ҳеч бўлмаса 1 маротаба боринг. Бир оз ўтириб, у ерни кузатинг. Саҳнага диққат қилинг, ўзингизни худди бўлажак суҳбатдаги нотиқдек тутинг. Шунда жамоат олдида чиқиш учун бу ерга келганингизда сизда зал сиздан бегонасираб, сизни кўчага улоқтираётгандек ҳис уйғонмайди.
- Асабларни асранг.
Минг маҳорат бўлгани билан, саҳнадаги бегона нигоҳлар қаршисида инсон асабийлашади. Жамоат олдида чиқишлар бўйича мутахассис Тимоти Когелнинг "Ўзига хос тақдимотчи" китобида ёзилишича, 4 мингдан зиёд шоулар ташкил қилган Жонни Карсоннинг ҳали ҳам саҳнада асабийлашади. Бу асабийлик кучли масъулият ҳисси боис юзага келади.
Асабийликнинг йўналтириш мумкин. Шундай пайтда юқорида қайд этилгани каби, одамларга диққат қилинг. Уларни қиёфаларини эслаб, нигоҳларидан қувват олинг.
- Хулоса.
Сизнинг бу саҳнада эканингиз – сизнинг бунга муносиблигингизни англатади. Бу ўзингизга бўлган ишончни оширсин. Ўзингизга ишонинг. Сиз ҳозир юзлаб, минглаб одамларга айтмоқчи бўлган сўзларингиз рост ва бунга ўзингиз ҳам ишонасиз. Бу ҳолда, сизнинг сўнгги жумлангиздан кейин янграйдиган олқишлар сизга берилган мукофотдир.
Доимо омадингизни берсин!