Биласизми?

Ҳасанбой Дўстматов: «Спорт шарофати билан «Матиз»им «Малибу» бўлди»

Олимпия ўйинларида иштирок этишнинг ўзиёқ қанчадан-қанча спортчилар учун орзу бўлиб қолади. Олимпиада ўйинларида совриндор бўлиш пешонасига битилмаганлар ҳам оз эмас. Шу маънода, қаҳрамонимиз – Ҳасанбой Дўсматовни том маънода бахтли спортчи десак бўлади. Хабарингиз бор, у Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида бокс бўйича энг енгил вазн тоифасида колумбиялик Мартинес устидан зафар қучиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган эди. Дарвоқе, Ҳасанбойнинг медали –мамлакатимиз Истиқлолга эришганидан буён Олимпия ўйинларида қўлга киритилган еттинчи «олтин»дир.

– Ҳасанбой, аввало, сизни Олимпиада ўйинларидаги юксак ғалабангиз билан чин дилдан қутлаймиз, кейинги мусобақаларда ҳам омад ёр бўлсин. Давлатимиз ютуғингизни муносиб қадрлаб, бошқа олимпиадачилар қаторида сизга ҳам «Malibu» автомобили совға қилган эди. Айтинг-чи, илгари қанақа машинада юргансиз?

– Камтарона «Matiz»им бор эди. Спорт соясида, мана, улов деса дегудек автомобиль эгаси бўлдим. Спортчилар учун барча шароитларни муҳайё қилиб, муваффақият қозонишимизни таъминлаган ҳукуматимиздан ҳам беҳад миннатдорман.

– Йўлда кўпроқ қанақа қоидабузарликларга йўл қўясиз?

– Кўпинча тезликни ошириб юбораман. Қизиққонликдан бўлса керак.

– Аёлларнинг машина минишига муносабатингиз?

– Бу масалада консерватор эмасман. Марҳамат, хоҳлаганлар ҳайдайверсин. Бўлажак рафиқамнинг ҳам машина бошқаришига монелик қилмайман.

– Фараз қилайлик, муҳим учрашувга шошилаётган чоғингизда йўлда машинаси бузилган ҳайдовчига дуч келдингиз. Унга ёрдам берасизми?

– Вазиятга қараб иш тутаман. Ишим ўта муҳим бўлган тақдирда ҳам, вақт ажратиб ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Сабаби, бир кун келиб ўзим ҳам худди шундай вазиятга тушсам ажабмас. Қайтар дунё, дейдилар-ку.

– Сизнинг-ча, дунёдаги энг яхши машина қайси?

– «Porsсhe». Спортчига ярашадиган машина-да. Айниқса, оқ ранглиси.

– Ёзда бир ой тугал Рио-де Жанейрода бўлдингиз. Айтинг-чи, Бразилияда транспорт масаласи қандай йўлга қўйилган? Айнан сизда қандай таассурот қолдирди?

– Бразилиянинг бошқа шаҳарларини кўрмадик. Лекин Риода, улкан мегаполис бўлишига қарамай, бу борада бирон жиддий муаммо кўрмадим. Бизни илиқ кутиб олишди, махсус автобуслар ажратиб беришди. Кўчаларда биттаям йўл нозири йўқ – ҳамма жойда камералар. Шу жиҳати, очиғи, сал ғалати туюлди. Кўз ўрганмаганиданми...

Ёш спортчиларга нима деган бўлардингиз?

Мамлакатимизда спорт соҳасига катта эътибор бериляпти. Биз бу имкониятдан унумли фойдаланишимиз зарур, деб ўйлайман. Шуни унутмангки, дангасалик – биринчи душманимиз ҳисобланади. Тенгдош ва укаларга «ўз устингизда тинимсиз ишлашдан асло эринманг» деган бўлардим. Меҳнатларингиз бугун бўлмаса эртага, албатта, юзага чиқажак.

 ЧЕМПИОН ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ

 *1993 йил 24 июнда Андижон вилояти Булоқбоши тумани, Кулла қишлоғида туғилган.

*Отаси тадбиркор, онаси ўқитувчи.

*Боксдан ташқари футбол ўйнашни ҳам ёқтиради.

*Бошқа касбни тасаввур қилолмайди, 6 ёшидан бери «муштлашади».

*12 ёшидан бокс билан жиддий шуғуллана бошлаган.

*Мураббийи Зиёвиддин Тўйганбоев билан 10 йилдан бери бирга. Уни ҳамфикру сирдош билади. «Доим бамаслаҳат иш қиламан, устоз-шогирддан кўра дўстларга кўпроқ ўхшаймиз», – дейди чемпион.

*Мэнни Пакьяога ҳавас қилади, у Ҳасанбой учун идеал боксчи.

*Олимпиадада иштирок этишдан кўра мусобақага йўлланмани қўлга киритиш қийин бўлганини таъкидлайди.

Ирода АЗИМОВА суҳбатлашди.

“Avto plyus” газетасидан олинди.