Аҳоли бандлигини таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришини ташкил этиш, шахсий томорқа участкаларида маҳсулот етиштириш ва чорвачилик билан шуғулланиш учун банклар томонидан туман (шаҳар)даги сектор раҳбари, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан бериладиган тавсиянома асосида аҳолига микрокредитлар ажратилади.
Бунда банклар ички кредит сиёсатига мувофиқ қарз олувчиларга таъминот турларидан бирини (гаров, кафил, суғурта полиси) талаб қилмасдан бланкли (ишончли) кредит бериш ҳуқуқига эга, деб хабар қилади Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Шу йўл билан 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача (18 430 000 сўмгача) йиллик 7 фоиз ставкада 3 йил муддатга микрокредит олиш мумкин.
Мазкур микрокредитлар пул ўтказиш йўли билан ажратилади. Шу билан бирга мақсаддан келиб чиққан ҳолда микрокредит суммасининг 30 фоизи миқдоридаги қисми нақд пул кўринишида берилиши мумкин.