Биласизми?

Билл Гейтсни "миллиардер" қилган ҳаёт йўли

1995 йил. Forbes журнали томонидан сайёрамизнинг энг бадавлат кишилари рўйхати эълон қилинди. Минглаб миллиардерлар орасидан пешқадамлик мутлақо янги соҳа бўлган компьютер ва ахборот технологиялари вакили Билл Гейтсга насиб қилди. 12.9 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағ жаноб Гейтсга ота-бобосидан қолган мерос эмас, ўз меҳнати ва тинимсиз изланишларининг натижаси эди. Ўша кезлари бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлган, одамлар инновацион технологиянинг куч-қудрати ва имкониятини айни шу ҳодиса сабаб англаган эдилар.

2016 йил. Forbes журнали томонидан сайёрамизнинг энг бой кишилари ўрин олган навбатдаги рўйхат эълон қилинди. Унда Билл Гейтс сўнгги 3 йилда кетма-кет ва 1995 йилдан буён 17 – марта жаҳоннинг пешқадам давлатманди дея эътироф этилди. Қуйида Билл Гейтс ҳатининг муҳим жиҳатлари, оддий инсондан глобал шахсга айлангунига қадар бўлган воқеалар, ҳаёт қоидалари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Билл Гейтс 1955 йилнинг 28 октябрь куни АҚШнинг Вашингтон штатида жойлашган Сиэтл шаҳрида, адвокат ҳамда мактаб муаллимаси хонадонида, ўрта ҳол оилада дунёга келган. Болалигиданоқ мустақил фикри ва қарашларига эга Билл билимга чанқоқ ўсмирга айланди. Бўлажак компьютер мутахассиси 13 ёшидан бошлаб дастурлаш сирларига қизиқди. Ҳатто дастурлаш сирларини яхшилаб ўзлаштириши учун уни баъзи бир мактаб фанларидан озод ҳам қилишади.

Ўша йилларда у "Жаҳон энциклопедия китоби"нинг барча томларини ўқиб, ўрганиб олган эди. 11-12 ёшли Билл Гейтс мактабда аъло баҳоларда ўқиса ҳам, феъл-атворида ҳаётдан зерикиш, ёлғизликни хушлаш каби ўзгаришлар юзага келаётган эди. Аслида Билл бу ёшда қандайдир уни машҳур қиладиган янгилик яратиш орзусида яшар эди. Билл Гейтс аниқ фанларда ҳам, тил ва адабиёт фанларида ҳам тенгсиз иқтидорга эга ўқувчи эди.

Microsoft компаниясининг асосчиси мактабда бўлажак ҳамкори – Пол Алленни учратади. Мактаб йилларида Билл Гейтс ва дўстининг компьютер ва дастурлашга ихтисослашган бизнес ташкил қилиш, ҳар бир оилани компьютер билан таъминлаш режалари кўпчиликнинг кулгусига сабаб бўлган.

Ундаги мактаб компьютерини “титкилаб”, баъзи тизимларга ўзгартириш киритиш одати туфайли Билл Гейтсга бу компьютерлардан фойдаланиш таъқиқлаб қўйилади. Мактаб маъмурияти ўз ўқувчисидан мактаб ўқувчиларининг дарсга иштирокини тартибга солувчи дастур яратиб беришини илтимос қилади.

1970 йил. 15 ёшли дўсти Билл Пол Аллен билан бирга Сиэтлдаги тирбандликларни назорат қилишга мўлжалланган "Traf-o-Data," дастурини яратади. Бу дастур ёш дастурчиларга 20 минг АҚШ доллари ишлаш имконини берди.

Билл Гейтс 1973 йилда юқори мактабни битиради. Коллежни жами 1600 баллдан 1590 балл тўплаб, ҳаммани ҳайратда қолдириб, тамомлайди. Бу натижа бир неча йил уни бошқаларга таништиришда илк кириш сўзи бўлди.

Билл Гейтс Ҳарварднинг Ҳуқуқ факультетига ўқишга кирган бўлса ҳам, кейинчалик ўқишини математика ва информатика курсларида давом эттиради.

У шу ерда яна бир яқин ҳамкори, кейинчалик Microsoft'нинг "тоғ"ларидан бири ҳамда қадрдон дўстига айланган Стив Баллмерни учратади.

Буюклар доимо телба бўлади дейишади. Уларнинг ўзларига бўлган ишончи бошқа ҳамма нарсадан, жумладан университет дипломидан устун туради. Гарчи у Ҳарвард бўлса ҳам! Билл 2 йилдан сўнг Microsoft компаниясига асос солиш мақсадида ўқишни ташлаб кетади.

Ҳарвард Билл учун торлик қилар эди. Кўп ўтмасдан у Honeywell компаниясида ишлаётган Полнинг олдига йўл олди. Пол ҳам бу вақтда Вашингтон университетин ташлаб, шу компанияда ишлаш учун Бостонга кўчган эди.

Аммо Ҳарвард университети Билл Гейтсдан воз кечмади. У ҳамон шу университетнинг фахри. 2007 йилда ҳатто бакалавр дипломига ҳам эга бўлмаган Билл Гейтсга Ҳарварднинг фахрий доктори деган унвон берилди.

Билл Гетс мактаб давридаёқ жаҳоннинг илк компьютери – MITS Altair учун дастур ишлаб чиқаради. У дўсти Аллен билан дастур яратишга ихтисослашган компанияга асос солиш умиди билан MITS компанияси жойлашган Нью-Мексикога йўл олади. 1975 йилда Microsoft компанияси фаолиятини бошлаган.

Компания қисқа фурсат ичида ном қозонади.

Microsoft 25 нафар истеъдодли ходимлар ва фидойи раҳбар бошчилигида 1978 йилда 2.5 миллион АҚШ доллари маблағ ишлаб топди. Билл ўшанда бор-йўғи 23 ёшда бўлган.

1979 йилда икки дўст компания бош офисини она шаҳарлари Сиэтлга кўчиришади.

1980 йилларда Пол Аллен ҳамда Билл Гейтс томонидан "компьютер инқилоби" номи билан эсланадиган бир қанча янги ихтиро ва дастурлар яратилди.

1978 ҳамда 1981 йиллар оралиғида Microsoft'нинг ходимлари сони 25 тадан 128 тага етади. Компания даромади $16 миллион АҚШ долларига етди.

1983 йилда Microsoft Буюк Британия ҳамда Японияда бўлинмасини очди. Шу вақтда жаҳондаги 30 фоиз компьютерлар Microsoft дастурларида ишлар эди.

1985 йилда илк маротаба Windows операцион тизими эълон қилинди. 1986 йилдан бошлаб сотилган дастур 1987 йилда ўз яратувчиси Биллни миллиардерга айлантирди. 31 ёшли Билл Гейтс уйқусиз тунлар, қаттиқ меҳнат эвазига энг ёш миллиардерлар қаторидан жой олди. У 5 йил мобайнида ҳар куни 16 соатдан меҳнат қилди.

Унинг раҳбар сифатида ғалати одаьлари ҳам бўлган. Кейинчалик унинг тан олишича, у қўл остида ишлаётган барча ходимларнинг машина рақамларини ёддан билган. Билл Гейтс ўтирган хонадан кўриниб турган машиналар йўлагидан ким ишдан қайси маҳалда кетаётгани, компания учун ким кўпроқ жон куйдираётгани кўриниб турган. Ишчилар сони кўпайиб, компания нуфузга эга бўлганидан сўнг Билл бу одатидан воз кечган, албатта.

Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам силлиқ кечгани йўқ. 1998 йилда унинг компаниясини дастурий маҳсулотлар бозорида якка ҳокимликни ўрнатишда айблаб, судга беришади. Аммо жамоатчилик орасида юксак шараф ва ҳурмат қозонган жаноб Гейтс судда ғолиб бўлган.

Билл Гейтс ва 1976 йилда Apple компаниясига асос солган Стив Жобс ўртасидаги муаммолар ҳам технология оламининг муҳим воқеаларига айланган. Аслида улар яқин ҳамкорлар бўлишган. Биллнинг компанияси Стивнинг Macintosh'лари учун дастурлар яратиб берар эди. Кўп ўтмасдан Стив Жобс Microsoft компаниясини Mac компьютерларига доир ғояларни ўғирлашда ва IBM компьютерларини мана шу ғоя асосида ишлаб чиқараётганликда айблади. Дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари бошқа ҳеч қачон тикланмади.

Гейтс 2000 йилда компания ишларини дўсти Стив Баллмерга топширади. 2006 йилда ўз вақтини кўпроқ хайр-саховат ишларига бағишлаш мақсадида, компаниянинг оддий ходимларидан бирига айланади ва 2008 йилнинг 27 июйни унинг компаниядаги сўнгги тўлиқ иш куни бўлди.

Билл Гейтс Microsoft компаниясида нафақат давлат, шу билан бирга ўзининг муҳаббати – Мелинда Френчни ҳам топди. Улар 1989 йилда компаниянинг матбуот анжуманларидан бирида танишдилар. 1994 йилда узоқ кутилган тўй тантаналари бўлиб ўтди. Иккала ёшга маънавий кўмак, жумладан келин учун узук танлашда Биллининг дўсти, дунёнинг яна бир бадавлат кишиси Уорен Баффет ёрдам берган.

Билл Гейтс санъат ва адабиётни қадрлайди. Жумладан, Леонардо да Винчининг "Лестер коди" асарининг 15 асрга тегишли қўлёзмасини у 1994 йилда $30.8 миллион долларга сотиб олган. Шу йили у Уинслов Ҳомернинг "Гранд соҳилидаги йўқотиш" тасвирини $30.8 миллион долларига сотиб олиб, бу ижод намунасини Америка санъат тарихидаги энг қиммат асарга айлантирган.

Қанча кўп берсанг, шунча кўп оласан. Билл Гейтс мана шу тамойил-қоидага амал қилади. "Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси" орқали қашшоқларга ва муҳтожларга ёрдам бериш, қолоқ жамиятларни ривожлантириш, билим олишларига ёрдам бериш унинг севимли иши. У сайёрамизнинг энг қўли очиқ бойларидан.

Билл Гейтснинг севимли спорт машғулоти катта теннис ва баскетбол. Time журнали Билл Гейтсни 20-асрнинг дунё ҳаётини ўзгартира олган кишилари рўйхатига киритган.

2014 йилнинг февраль ойида Билл Гейтс Microsoft'нинг технология маслаҳатчисига айланди. Ҳиндистонлик ахборот технологиялари мутахассиси, 46 ёшдаги Сатья Наделла эса кўп йиллар компаниянинг бош директори бўлиб келган Стив Баллмернинг ўрнига тайинланади.

Билл Гейтс ҳаётини ўрганиб, ундан шундай хулоса чиқариш мумкин: билим, ҳаракат ва меҳнат, инсонпарварлик муносиб ҳаётнинг тагзаминидир.

Инфографика:

Муносиб ҳаёт барчангизга насиб қилсин!