5 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар бермоқда.
Жорий йил 4 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган селектор мажлисида пахтачиликда бозор муносабатларини кенг жорий этиш, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини барқарор ўсишини таъминлаш билан бир қаторда, фермер хўжаликларининг рентабеллигини оширилишига эътибор қаратган ҳолда, бу йил мутлақо янгича ёндошув асосида пахта йиғим-теримини ташкил этиш тизимини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди.
Топшириққа асосан бош вазир ўринбосарлари Зойир Мирзаев, Жамшид Қўчқоров, Азиз Абдуҳакимов, Нодир Отажонов, Танзила Норбоева ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан пахта йиғим терими тизими ишлаб чиқилди ва икки марта Вазирлар Маҳкамасида тақдимот ўтказилди.
Бу масала бўйича қарор лойиҳаси тайёрланиб, давлат раҳбарига ахборот берилди ва жорий йил 30 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 703-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш ва теримчиларни рағбатлантиришнинг аниқ мезонлари белгилаб берилди.
«Бу йил деҳқонларимизни табиат оғир синовдан ўтказди. Сув таъминотида кўплаб муаммолар кузатилди. Шунга қарамай деҳқонларимиз фидокорона меҳнатлари, тажрибалари билан мўл ҳосил етиштирди. Биз қўшни мамлакатлар раҳбарияти билан суҳбатлашганимизда улар ҳам жорий йилда деҳқончиликда сув муаммо бўлганини таъкидлашди.
Ҳозирда бизнинг олдимизда пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш масаласи турибди. Ушбу мавсумда ҳеч қайси ҳудудда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, бошқа таълим даргоҳлари талабалари, тиббий муассасалар ходимлари, 18 ёшга тўлмаган шахслар пахта теримига мажбуран жалб этилмайди. Айрим ҳокимларнинг кашандаларнинг хумори тутгандай ўқитувчи ва шифокорларни пахтага чиқаришга хумори тутади. Биз уларга қарши кескин чоралар кўрамиз. Ушбу масалада оммавий ахборот воситалари ходимлари бизга кўмак беришларига умид қиламиз.
Биз қўшни давлатларда пахта йиғим-терими жараёни қандай йўлга қўйилганини ўргандик. У ерда ҳеч ким пахта теримига мажбуран жалб этилмайди. Ҳамма ўз ихтиёри билан пахта теришга чиқади. Бу ерда иқтисодий манфаатдорлик ётибди. Йиллар давомида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қўшни давлатларга бориб пахта терган. Бунинг сабаби нима? Чунки уларга муносиб ҳақ тўланган. Биз теримчиларга иқтисодий манфаатга асосланган шароит яратиб беришимиз керак. Энди банклар пахта даласининг ўзида теримчиларга хоҳласа кунлик. Хоҳласа беш кунда бир пул тўлайди. Банкларда ҳозир нақд пул муаммоси йўқ», — дейди Бош вазир.