GM Uzbekistan яна бир автосалон билан дилерлик келишувини бекор қилади

09.11.2018 | Ўзбекистон | 3006

«Ўзавтосаноат» АЖ мониторинги давомида аниқланган қонунбузарликлар сабаб GM Uzbekistan «Қашқадарё Автотеххизмат» МЧЖ билан дилерлик келишувини бекор қилганлигини маълум қилади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат"нинг фейсбукдаги саҳифаси орқали хабар қилинди.

Компания фаолиятида камчилиларга йўл қўяётган дилерлик марказлари фаолиятини аниқлашда давом этади.

Автосалон фаолияти, шунингдек автомобиллар сақланаётган омборхоналарда аниқланган қоидабузарликлар келишув бекор қилинишига олиб келди:

— 2018 йилнинг январь ойидан ҳозирги даврга қадар GM Uzbekistan компаниясига жисмоний ва юридик шахслардан «Қашқадарё Автотеххизмат» МЧЖ дилерлик корхонаси фаолиятига доир 420 та мурожаат келиб тушган. Шундан 117 та мурожаат дилерлик корхонасининг мижозларга нисбатан қўпол ва ҳақоратомуз ҳаракатлари ва/ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ. Шунингдек 10 та мурожаатда мижозлар томонидан «Қашқадарё Автотеххизмат» МЧЖ ходимининг коррупцион ҳаракатларига оид далиллар келтирилган.

— Автомобиллар сотишни ҳисобга олишга доир ҳужжатлар ўрганилганда дилерлик корхонаси ва мижоз ўртасида имзоланмаган шартномалар мавжудлиги аниқланди. Шунингдек шартномалар ва бошқа ҳужжатлар ўрганилганда мижозларнинг имзолари ҳаққоний эмас деб гумон қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида экспертиза учун тегишли идораларга тақдим этилади.

— автомобили ҳали берилмаган 487 та шартномалар ўрганилганда мижозлар имзоси бўлмаган 47 та шартнома борлиги аниқланди.

— Дилерда мавжуд автомобиллар ҳисоб-китоб қилинганда омборда ортиқча сақланаётган автомобиллар мавжудлиги аниқланди.

— автомобилини кутаётган айрим харидорларга қўнғироқ қилинганда уларга автомобиллари салонга етказилганлиги ҳақида огоҳлантирилмаганликлари аниқланди. Бундан ташқари, айрим харидорлар 2018 йилнинг 10 сентябридан 6 ноябрига қадар GM Uzbekistan акцияси доирасида «Spark» автомобилини харид қилган харидорларга велосипедлар олиш учун ваучер берилмаганлиги аниқланди.

— Автосалонда call-марказ ва қўнғироқ қабул қилиш учун масъул ходим бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, агар сиздан дилерлик марказлари томонидан автомобиль харид қилиш учун қўшимча пул талаб қилишса, дарҳол 78 141 77 77 рақамлари орқали GM Uzbekistan колл-марказига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 10−07 ягона ишонч рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз, дейилади хабарда.