Ўзбекистон Мудофаа вазири АҚШ ҳарбий делегациясини қабул қилди

09.11.2018 | Ўзбекистон | 2398

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов АҚШ Мудофаа вазири ўринбосарининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Колин Жексон бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.

Жексонга АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблум ҳам ҳамроҳлик қилди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.

АҚШ қуролли кучлари делегацияси Ўзбекистонга икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасида халқаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун ташриф буюрган.

Ўзбекистон томони ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳасида, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалаларда Ўзбекистон—Америка мудофаа идоралари консультациясига алоҳида эътибор қаратмоқда. Икки мамлакат консультациялари Тошкентда 9 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди, дейилади хабарда.

"АҚШ— биз учун ишончли, узоқ йиллар давомида синалган ҳамкор бўлиб, ўртамиздаги дўстлик ва ўзаро муносабатлар доимий равишда олдинга қараб силжимоқда. Дунёдаги қудратли жанговар имкониятга эга мамлакат билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, шубҳасиз, бизнинг армиямиз жанговар шайлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатади", — деб таъкидлаган учрашув давомида Абдусалом Азизов.

Мудофаа вазирлиги ахборотига кўра, ҳамкорлик даври мобайнида Ўзбекистон ва АҚШ ҳудудида 400 дан ортиқ қўшма тадбирлар ўтказилган.