Андижонда ўз ўғлига шаръий никоҳ ўқиган ота жазога тортилди

08.11.2018 | Жамият | 3459

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи Қ. Қ. ўзининг ўғли А. О.га яширинча шаръий никоҳ ўқигани учун жазога тортилди, дея хабар қилди «Халқ сўзи».

Маълум бўлишича, А. О. муқаддам уйланган ва бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан муносабатлари келишмаганлиги сабабли ўзаро ажрашган, бироқ бу ҳолат расман қайд этилмаган. Шундай бўлишига қарамай ота ўз ўғлини уйлантириш пайида бўлган. Мутасадди идоралар, жумладан, масжид вакиллари бу ҳолатда шаръий никоҳ ўқиш мумкин эмаслигини айтибгина қолмасдан, унинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам тушунтириш берганларидан сўнг, Қ. Қ. ўзи никоҳ ўқишга қарор қилади.

Амалдаги тартибларга биноан шаръий никоҳ ўқиш диний маълумотга эга бўлган ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади ва бунинг учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг рухсати керак бўлади. Ўзбекистон Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади, дейилади хабарда.

Ўз ўғлига яширинча никоҳ ўқиган ота — Қ. Қ.га нисбатан ҳам Пахтаобод туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддаси бўйича жазога тортилди.