Туғилганлик тўғрисида гувоҳномани олиш осонлашади

08.11.2018 | Ўзбекистон | 2838

Тошкентда пилот лойиҳа ишга туширилди — бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳномалар Давлат хизматлари марказларида «ягона дарча» принципи бўйича берилади. Бу ҳақда Norma.uz «Народное слово online»га таяниб хабар қилди. 2019 йилдан бошлаб ушбу амалиётни бутун республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилмоқда.

Ота-оналар ҳужжатни олиш учун яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказига мурожаат қилсалар бас. Илгари бунинг учун бола туғилганлиги далили юзасидан маълумотнома олиш учун туғруқхонада, ФҲДЁ органларида ва герб йиғимини тўлаш учун банкда навбат кутишга тўғри келар эди.

Барча зарур ахборотлар туғруқхонадан ДХМга махсус ахборот тизими орқали юборилади. Click, PayMe ва бошқа тўлов тизимлари орқали герб йиғимини тўлаш имконини берувчи онлайн-тўловни 2019 йил 1 январгача жорий этиш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: гкрб йиғими миқдори — ЭКИҲнинг 15%и, материал эълон қилинган санада 30 409,50 сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, пойтахтдаги Давлат хизматлари марказларида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар бланкаларини компьютер ёрдамида тўлдириш тартиби жорий этилмоқда. Ахборот бланкада босиб чиқарилгунга қадар ота-онада исм тўғри ёзилганлигини текшириш имкони бўлади. Бундай имконият берилмаганлиги сабабли ҳам баъзан боланинг исми, отасининг исми ва фамилияси хато ёзилар, оқибатда у ана шу исм билан бир умр яшашга ёки белгиланган тартибда уни ўзгартиришга мажбур бўлар эди.

Шунингдек кейинги йилда туғиш ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликни кузатиш автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда. У «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» тизими билан биргаликда ишлайди. Натижада болалар туғилганлиги далилларини қайд этмаслик ҳолатларига барҳам бериш кўзланмоқда.